ФАРҒОНА ВОДИЙСИ АҲОЛИСИ ТУРМУШ ТАРЗИДА ЖОНИВОРЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ХАЛҚ ЎЙИНЛАРИ
Фарғона водийси аҳолиси қадимдан турли машғулотлар билан шуғулланиб келади. Анъанавий хўжаликда деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик асосий машғулотлар ҳисобланиб ҳамда аҳоли вакиллари ушбу соҳаларда катта тажрибага эга. Ушбу машғулотлар билан бир қаторда уй паррандичиги ҳам хўжаликнинг бир тармоғи сифатида ривожланган. Парранданинг инсон турмуш тарзида ўз ўрнига эгалигини унинг ўзбек халқи дунёқарашида “етти хазина” таркибига киритилганидан кўришимиз мумкин[1].
Тадқиқотчилар аҳолининг ҳайвонларга нисбатан дунёқарашини тадқиқ этиб, паррандаларга нисбатан тасаввурларни турлича талқин қилганлар. Н.П. Лобачеванинг фикрича хўроз ва бошқа паррандалар қадимдан ҳомий-ҳимоячи тарзида эътиқодий аҳамиятга эга бўлган. Уларнинг патлари бало-қазодан сақлашига ишонганлар. Бундай одат Ўрта Осиё халқлари орасида ўзбеклар ҳамда туркманларда учрашини келтириб ўтади[2:192]. Улар тотем сифатида қадрланганлигини бошқа бир олима З.П. Соколова ҳам тасдиқлайди[3:7].
“Хўроз жангги” ўйини нафақат Ўрта Осиё халқлари, балки, бошқа дунё халқларида ҳам қадимдан мавжуд бўлганини Клиффорд Гирц келтириб ўтади[4:560-564]. В.Т. Понамарев ҳам хўроз жангги қадимдан турли цивилизацияларда мавжуд бўлганлиги, ушбу жанглар кўнгил очиш учун ҳукмрон табақа томонидан ўтказилганлиги тўғрисида маълумот беради[5:31].
Аҳолининг жониворлар билан боғлиқ ўйинларни анча қадимдан ўтказиб келинади. Бундай ўйинларнинг вужудга келиши ҳамда ўтказилиши юзасидан этнограф олимлар турлича қарашларга тўхталиб ўтишган. Хоразм воҳасида этнографик тадқиқотлар олиб борган Г.П. Снесарев хўроз жанггини ва бошқа жониворлар жангларини ўтказилишини диний асосга эга деб баҳолайди. Олимнинг фикрича ушбу ўйинлар йил бошида ўтказилиб, ҳосил кузда қандай бўлишини таъминлаш учун амалга оширилганлигини таъкидлайди[6:324]. Лекин жониворлар иштирокидаги ўйинларнинг ўтказилиши сабаблари, омиллари ҳалигача тўлиқ тадқиқ қилинмаган.
Фарғона водийсида амалга ошириладиган хўроз жангги ижтимоий ҳаёт билан чамбарчаст боғлиқ. Биз олиб борган тадқиқот-кузатув жараёнларимизда аҳоли ичида паррандачилик билан хўжаликни юритиш шакллари мавжудлигига гувоҳ бўлдик. Аҳоли вакиллари томонидан парранда барака рамзи сифатида парвариш қилиниб келинади[7]. Бундан ташқари уларни жанг учун парваришлаш алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади.
Фарғона водийсида анъанавий хўроз ўйини ишқибозлари ҳам талайгина бўлиб, деярли хар бир қишлоқда ушбу соҳа билан шуғулланувчи шахслар фаолият юритади. Қишлоқ аҳолиси бундай кишиларни “хўрозбоз” деб атайдилар. Ахборотчиларнинг берган маълумотларига кўра қишлоқ шароитида парранда ҳам гўшт, ҳам тухум ва исталган пайтда сотиш мумкин бўлган маҳсулот сифатида боқилади[8].
Хўроз жанглари бугунги кунда анча оммалашган эрмак бўлишдан ташқари даромад манбаидир. Уларни уруштириш орқали ғолиб бўлган хўрознинг нархи юқори бўлади. Хўрозбозлар бундай паррандани қўлга киритиш учун ҳаракат қиладилар ва натижада хўроз қиммат нархга сотилади[9]. Кучли ҳисобланган хўроз зотидан кўпайтириш, парваришлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Ислом анъаналарида паррандага нисбатан яхши муносабатда бўлинсада, маҳаллий аҳолининг фикрича пул тикиш асосида ташкиллаштирилган хўроз ўйини диний қарашларга зид ҳисобланади. Чунки уюштирилган ўйин даромад олиш мақсадида қимор ва таваккалчиликка асосланган бўлса, бундай ўйинлар таъқиқланади ҳамда харом деб қабул қилинади[10]. Бундан ташқари бу ўйинлар Ўзбекистон қонунчилигига зиддир.
Кузатувларимиз натижасида анъанавий хўроз жангги амалга оширилишининг асосий омиллари сифатида қуйидагича хулосага келдик: жанглар орқали паррандаларнинг сифатини яхшилаш, уларни чидамлилигини текшириш ва зотдор паррандаларини сотиш учун амалга оширилади. Чунки парранданинг чидамлилигини намойиш этиш уни зотдор эканлигини исботлашнинг бир кўринишидир ва қадимдан кўнгилочар хусусиятга эга бўлган. Кенг оммага ўз хўрозини кўрсатиш орқали бундай кишилар таниладилар ҳамда ўз паррандаларини сотиш учун яхши имкониятга эга бўлади. Шунинг учун ҳам қадимдан асосан тўй кунлари, байрам кунлари ҳамда қишлоқда бозор бўладиган кунлари ўйинларнинг ташкил этиши ҳолатларини кўришимиз мумкин.
Хўроз ўйинларининг ташкилланиши илдизлари қадимий диний одатларга бориб тақалсада, бугунги кунда у намойиш аҳамиятига эга. Кузатувимиз давомида Фарғона водийси ҳудудида ушбу қизиқиш аҳолининг асосий машғулоти эмаслиги эътиборимизни тортди. Бу фаолият билан шуғулланувчилар асосан эркаклар ҳисобланади. Ёш тоифасига кўра ёшлар ҳамда ўрта ёшлиларни қамраб олади. Бу фаолият билан шуғулланувчилар асосий машғулоти деҳқончилик, чорвачилик ёки бошқа касб бўлиб, хўроз жанглари улар учун қизиқиш ёки қўшимча машғулот саналади. Ўйинларнинг амалга оширилиши бугунги кунда дам олиш кунларига тўғри келади ва бу омил ўз-ўзидан ушбу фаолиятнинг кўпчилик учун қўшимча машғулот эканлигини кўрсатади.
Фарғона водийси аҳолиси паррачилигида ўз зотлари мавжуд бўлган ва бугунги кунда маҳаллий зотлар четдан келтирилган бошқа турлар билан қоришиб кетган. Маҳаллий аҳолининг жангари анъанавий хўроз зоти “даканг” ёки “дакан” деб аталган ҳамда бошқа турлардан анча катта бўлган[11]. Чет эллардан жангари парранда турларининг олиб келиниши маҳаллий турларнинг парвариши камайиб кетишига олиб келди.
Ҳозирги кунда Фарғона водийси паррадалари ичида “филиппин”, “корея” каби сингари жанггари хўрозлар анча машхур бўлиб, турларнинг селексиясига олиб келмоқда. Натижада анча чидамли зотларнинг маҳаллий аҳоли паррандачилигида пайдо бўлишига ҳамда кенг тарқалишига замин яратмоқда.
Хўроз жанглари жониворлар билан амалга ошириладиган спорт ўйинлари каби унинг парвариши, жангга тайёрланиши ҳамда уни боқишдаги маҳсус ёндашувларга эга ҳисобланади. Хўрозбозлар уларни тухумдан очиб чиқишидан то жангга тайёр бўлгунига қадар парваришлаб, жўжалигидан катта жангчи хўроз бўлгунига қадар алоҳида боқадилар. Тажрибали хўрозбозлар ўз сирларини бегона инсонлар билан ўртоқлашмайдилар ва паррандаларини хаттоки бегона кўздан ҳам сақлашга ҳаракат қиладилар[12].
Демак, аҳоли вакиллари томонидан амалга ошириладиган хўроз жанглари миллий ўйинлар ичида алоҳида ўринга эга бўлиб, қадрятлар ҳамда парранда нисбатан тасаввурларни ўзида мужассам этади. Унинг ташкилланиши эса, бозор муносабатларига анча мослашган. Унинг амалга оширилиши, парваришланиши, жанг учун хўрозларни саралаш учуллари, жанггача ва жангдан кейинги парранданинг аҳволини тиклаб олиши учун бериладиган анъанавий ҳамда замонавий воситалар тадқиқи долзарб ҳисобланади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
Дала ёзувлари. Андижон вилояти Булоқбоши тумани, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани. 2019 йил.
Лобачева Н.П. К истории календарных обрядову земледельцев Средней Азии/ Басылов В.Н. Древние обряди верования и культы народов Средней Азии. М., Наука, 1986. С. 192.
Соколова З.П. Культ животних в религиях. М., “Наука”, 1972. С. 7.
4. Гирц К. Интерпретация культур / Пер. с англ. — М.: «Российская политическая энциклопедия» (РОССПЭН), 2004. С. 560-564.
5. ПономаревB.T. Боевые животные: Секретное оружие всех времен и народов. Донецк. Кредо, 2006. С. 31.
6. Снесарев Г.П. Реликты до мусульманских верований и обрядов у узбеков Хорезма. М., Наука, 1969. С. 324.
7. Дала ёзувлари. Андижон вилояти Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ, Найман, Учтепа, Кулла қишлоқлари. 2019 йил.
8. Дала ёзувлари. Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Полосон, Қапчуғай, Повулғон қишлоқлари. 2019 йил.
9. Дала ёзувлари. Андижон вилояти Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғи. 2018 йил.
10. Дала ёзувлари. Андижон вилояти Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ, Учтепа, Найман, Кулла қишлоқлари. Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Полосон, Қапчуғай, Повулғон қишлоқлари. 2018 йил.
11. Дала ёзувлари. Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Полосон, Қапчуғай қишлоғи. 2017 йил.
12. Дала ёзувлари. Андижон вилояти Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғи. 2018 йил.