E T H N O T R A V E L - U Z B E K I S T O N

ФАРҒОНА ВОДИЙСИ ҲУНАРМАНДЧИЛИК АНЪАНАЛАРИДАГИАЙРИМ ОРНАМЕНТЛАРГА ДОИР МУЛОҲАЗАЛАР

Ўзбек анъанавий ҳунармандчилиги асрлар давомида ўзининг ранг-баранг маҳсулотлари билан дунё бозорларида ўз ўрнига эга бўлиб келган. Савдо ҳамда ўзаро маданий алоқаларнинг кучайиши билан ҳунармандчилик маҳсулотларига бўлган талаб ҳам уларни ясалиш услубларида ҳам маълум ўзгаришлар рўй берди. Шундай маданий қоришувлар жараёнида Фарғона водийси ҳунмардчилик анъаналари сақланиб келмоқда. Ҳусусан, атлас тўқимачилигидаги орнаментлар ҳамда кулолчиликдаги безаклар ҳамон локал ўзига хосликни намоён этади.

Ўрта Осиё ҳудудидан ҳайвон культи билан боғлиқ қадимий орнаментлар излари муҳрланган кўплаб ашёлар топилган. Ҳайвон бошли бекзак шакллардан асосан кулочилик ва бошқа уй-рўзғор буюмларини ясашда кенг фойдаланилган. Бундай идишлар кўплаб ёдгорликлар қатори Панжикентдан ҳам топилган. Улар зооморфик орнаментлар каби сақловчи характерга эга ҳисобланган. Қовунчи маданиятига таалуқли бўлган қуйма идишларда ҳам бекзак сифатида тутқичлар қўчқор шохи сифатида ясалган.

X асрда энг кенг тарқалган безак жониворларнинг қанотли суратлари ҳисобланади. Уларга ит, бўри, сенмурв каби суратлар киради. Ҳайвон тасвири ҳамда безакларининг Ўрта Осиё ва унга туташ ҳудулардан топилиши аждодларимиз тасаввурларида жониворга нисбатан шаклланган қарашларни кўрсатади. Зооморфик безаклар учун фигура ёки унинг қисмлари муҳим ҳисобланади. Масалан: бош, панжа, оёқ, тирноқ, шох каби қимлар ҳам кенг қўлланилган. Улар афсоналарнинг санъатдаги кўриниши сифатида баҳоланади.

Аждар шаклидаги безакли билакузук Талоснинг Жалатепа кўрғонидаги қабрдан топилган. Панжикентдан буғу бош қисми тасвирларган бронза билакузук Йўлсой қабристонидаги қабрларнинг бирида борлиги аниқланган. Сирдарёнинг ўрта қисмидан эса дастасида уч кийик қарама-қарши томонда эса иккита кийик тасвири туширилган ханжар топилган.

Қадимги Қува археологик қазишмаларида туя ҳайкалчаси топилган. Панжикетдаги деворий нақлардан бирида ҳукмдор туя шаклидаги тутгични ушлаб тургани тасвирланган. Бу туянинг давлат рамзи ҳамда эътиқодий аҳамияти борлигини кўрсатади. Фарғонанинг яна бир ёдгорлиги бўлмиш Тўратош қабрларидан тутқичи қўчқор шаклли идишлар топилган. Қоратепадан ҳам шундай дастали идишлар топилган бўлиб, улар кушон ва сосонийлар даврига тегишли ҳисобланади. Ҳайвон шаклли тутқич билан ясалган идишларнинг Жанубий Қозоғистон ҳудудидан ҳам топилиши жониворлар билан боғлиқ қарашлар кенг тарқалганлигини кўрсатади.

Анъанавий атлас тўқиш маркази сифатида Марғилон шахри катта ўринга эга. Бу ерда тайёрланаётган атласларда ҳамон ҳайвон культи билан боғлиқ айрим орнаментлар сақланиб келмоқда. Улардан энг кенг тарқалгани қўчқор шохи ҳамда товус орнаментлари бўлиб, ҳозирги кунда ҳам улардан кенг фойдаланади. Қўчқор шохи орнаменти асосан икки хил ҳисобланади. Улар катта ва кичик қўчқор шохи деб аталади. Асли касби атласчи бўлган Аҳмадалиев Алишернинг маълумот беришича ушбу безаклар локал ҳусусиятга эга. Бошқа ҳудудларда бундай безак тури учрамайди.

Қўчқор шохи орнаментини атласдан ташқари яна чолғу асбоби бўлмиш рубобда учратиш мумкин. Чолғусоз уста Арслонов Маҳмуджоннинг маълумот беришича, рубоб шохли бўлиши ҳосиятли ҳисобланади. Бундан ташқари бундай шохлар рубобнинг қорин қисмидан юқорида бўлиши бўлиши чолғу асбобининг оҳангида муҳим ўрин эгаллайди. Марғилон атласи учун характерли бўлган иккинчи орнамент товус ҳисобланади. Товус орнаментининг ҳам турли ҳиллари бўлиб, атлас турлари ҳам айнан шу номлар билан аталади.

XXаср учинчи чорагида модернизм атласчиликни ҳам четлаб ўтмади. Янги турдаги ҳайвон қисмлари билан боғлиқ орнаментлар пайдо бўлди. Улар чаён, қалдирғоч, лайлак ҳамда ари уя каби орнаментлар ҳисобланади. Ахборотчилардан бирининг берган маълумотига кўра бундай орнаментлар яқин ўтмишда пайдо бўлганига қарамай анча машҳур. Ушбу орнаментлар қадимий эътиқод излари билан чамбарчаст боғлиқ бўлиб, айримлари қадимий афсоналарни ифода этади.

Марғилон мисгар ҳунармандлари орасида безаклардан илон изи ҳозиргача фойдаланиб келинаётган орнаментлардан бири ҳисобланади. Мисгар уста ахборотчи берган маълумотга кўра илон изи идишнинг қуйи қисмида безак бериш мақсадида чизилган. Безак беришда асосан ҳаёт дарахтини тўлиқ тасвирлашга катта эътибор берилган.

Фарғона вилоятидаги Риштон шахри азалдан кулолчилик маркази ҳисобланиб, уста кулоллар томонидан уй-рўзғор буюмларини ясашда турли безаклардан фойдаланиб келишган. Сопол идишларнинг ясалиши ҳамда безашда қуш орнаменти катта аҳамиятга эга. Кулол-ҳунармандлар ушбу қушни “бахт қуши” деб атайдилар. Риштонлик ахборотчининг айтишича, “бахт қуши” хар бир инсонда мавжуд бўлади ва унинг ҳимоячиси ҳисобланади.

Қуш инсоннинг ҳаёти давомида унга ҳамроҳ бўлади. Одамларнинг фикрича “бахт қуши” инсон бошида қўнган ҳолда йўлдош бўлади. Унинг ҳамроҳлиги инсон тақдирини белгилаши ҳисобланаган. Агар қуш ҳамроҳ бўлмаса, шу инсоннинг иши юришмаслиги, бахсиз бўлиши, камбағалликка маҳкум бўлишига ишонадилар. Шунинг учун ҳам “бахт қушингни қўлдан чиқарма” иборасини ишлатадилар. Аҳоли ишончига кўра “бахт қуши”ни бир умр инсонга ҳамроҳ бўлиши унинг эгасига боғлиқ ҳолатдир. Аҳоли вакиллари аввало қушга ишониш даркор, акс ҳолда қуш учиб кетади ва қушни учириб юборган инсон бахтини йўқотади деб биладилар.

Уста кулоллар орасида “бахт қуши”ни тасвирлаш нафақат анъана даражасига кўтарилган, балки, хар бир кулол ўз қушига эга бўлиши тасаввур этилади. Агар кулол ўз қушини чиза олмаса, акс ҳолда ўз ишига эга устага айлана олмайди. Тажрибали уста кулолнинг маълум қилишича, “бахт қуши” хар бир кулолнинг тушида кўринади. Барча кулол ўз қушига эга бўлишининг яна бир талаби сифатида ушбу қуш уста дастхатини ўзида мужассам этишини таъкидлаб ўтди. Чизилган қушдан унинг қайси устага тегишли эканлигини ҳам аниқлаш мумкин бўлган. Айниқса, Риштон кулолчилик мактабида бу катта аҳамиятга эга ҳисобланган. Чунки ушбу ҳудуд кулолчилик анъанасига кўра усталар хеч қачон маълум эскездан фойдаланмаганлар ва барча суратлар қўлда, бир-биридан фарқли равишда чизилган.

“Бахт қуши”ни тасаввур қилиб чизилиши зарурлиги тўғрисида бошқа бир ахборотчи маълумот бериб ўтди. Шогирт қачонки ўз қушини чиза олса, шундагина у усталикка номзод бўлиши мумкин ҳисобланади. Агар шогирт ўз “бахт қуши”ни чиза олмаса, қобилияти етмаса, кулолчиликнинг бошқа вазифаларини бажариши мумкин. Уста кулол бўлиш учун эса албатта қобилият етиши ва шогирт ўз тасаввуридаги қушини мустақил равишда чиза олиши керак.

Риштон кулолчилик мактаби азалдан шаклланган бўлиб, қушлардан ташқари балиқ ҳам тасвирлаб келинган. Аммо қушларнинг образи балиқдан кўра кенг тасвирланиши асосий анъанага айланиб улгарган. Балиқнинг тасвирланишини бошқа бир уста кулол алоҳида тавсифлар экан, уларнинг ўзаро фарқлари ҳамда маъно жиҳатидан ўхшашликларига изоҳ бериб ўтди. Балиқ “ҳалоллик” рамзи сифатида ёҳуд кулол ишининг нақадар ҳалоллигини кўрсатиш учун тасқирланган. Унинг айтишича, балиқ ўз луқмасини кулол тайёрлаган идишда бир бора бўлса ҳам сув билан чайқаб олишни орзу қилади. Қуш эса кулолнинг ҳалол меҳнат қилиб яшовчи энг бахтли инсонлардан бири эканлиги сиймоси сифатида ифода этилади. Ахборотчининг маълум қилишича кулол томонидан қушнинг чизила бошланиши унинг ўз касбий маҳорати юқори даражага кўтарилганини англатган. Айрим ҳолларда шу орқали олам ва одам тўғрисидаги ўз қарашларини кўрсатиб беради деб ишонадилар. Бир сўз билан айтганда одамлар учун “бахт қуши” кўп маънони англатувчи, кўп ҳусусиятларга эга ҳосиятли қушдир.

Кулоллар томонидан чизиладиган қушларнинг кўринишида усталар томонидан амал қилинадиган энг асосий қоидалар мавжуд бўлиб, барча ҳунармандлар ушбу қарашлар доирасида ўз “бахт қуш”ларини тасвирлайдилар. Одамларнинг ишончига кўра ушбу қуш доимо мағрур тасвирланиши даркор. “Бахт қуши” хеч қачон маъюс ёки эгилган ҳолда тасвирланмайди. Уста ҳунарманларнинг фикрига қараганда “бахт қуши” озодлик ва тинчликни ҳам англатади. Бундай қушлар одамлар қарашларида мағрур ҳолда тасаввур қилинади. Ушбу маълумотларни етказган ахборотчининг айтишича, “бахт қуши” хеч кимга бўйсунмайдиган қуш сифатида қабул қилинади. “Бахт қуши” сифатида фақатгина ҳумо ва семурғ каби қушлар ифода этилмайди. Айрим уста кулоллар ишларида товус, булбул, турна, лайлак ва бошқа турдаги қушларнинг тасвирларини ҳам учратиш мумкин. Уларнинг барчаси “бахт қуши” сифатида қабул қилинади. Масалан, аҳоли тасаввурларига кўра булбул жажжи қуш бўлсада ўз қобилияти билан одамларни ҳайратга солиб қўйади. Шунинг учун ҳам инсон “бахт қуши” турли шаклда ёки кўринишда бўлиши мумкинлигига ишонадилар. Аммо уста ҳунармандлар “бахт қуши”ни тасвирлашда ўрдак сиймосига қиёс қилишга ҳаракат қилишларини ва ўрдак шакли барча уста учун асосий шакл вазифасини ўтаганлигини уста кулол таъкидлаб ўтди. Шу кўринишдан келиб чиққан ҳолда шаклли идишларни яратиш мумкин бўлган. Аҳоли вакиллари бу ҳолатни ўз навбатида қушлар ёрдамида ҳаётнинг акс эттирилиши деб тушунганлар. Айрим ҳолларда қуш қанотида балиқларни ифодалаш ёки идишларни безашда балиқ сиймосини учратиш мумкин бўлган. Бир вақтнинг ўзида қуш ва балиқнинг бир образда ифодаланиши ҳалоллик бахт келтириши тўғрисидаги қарашлар ҳисобланади. Уста Иброҳим Комилов бир вақтнинг ўзида қуш қанотида балиқ ҳамда бўйнида илон тасвирлаганини унинг шогирди яхши эслайди. Унинг таъкидлашича, “бахт қуши” ўзи билан бойлик, ризқ, поклик олиб келади деб тушунилган.

Қуш шаклидаги идишларни ясаш қушга нисбатан мавжуд тасаввурларнинг ёрқин ифодаси бўлиб ҳизмат қилади. Кулол усталар биринчи ўринда дори ёки май учун ишлатиб келинган “ўрдак” номли идишни ясашга интилганлар. Ушбу идишнинг ҳусусияти шундан иборатки, бемор дорини ичиши учун ўрнидан туриши шарт бўлмаган. Касал одамга суюқ дориларни ичиришда ҳамда ёнбошлаган ҳолда май ичиш учун ушбу идиш жуда ҳам қулай ҳисобланади. Энг характерли жиҳати “ўрдак” ёнбошлатилса ёки йиқитилса ҳам сув тўкилмайди. Шунинг учун ҳам ушбу идиш ишлатишга жуда ҳам қулай ҳисобланган. Ўрдак халқ хўжалигидаги зарурий идишлардан бири бўлган. Ушбу идишнинг каттаси (она) ва кичкина (жўжалари) ҳолатдаги идишлари мавжуд бўлган.

Ўрдак ва бошқа қушларнинг кўринишлари сут идишларни ясашда ҳам ишлатилган. Асосан уч қулоқдан иборат ўрдак бошли жўмракка эга сут идиш кенг тарқалган. Ушбу идишни илинган ҳолда ишлатиш мумкин бўлган. Кечаси қуйиб қўйилган сутни эрталабда бошқа бир идишга қуйиб олинса, сутнинг қаймоғини кечаси билан ушбу идиш ажратиш ҳусусиятига эга бўлган. Қаймоқ сут идиш ичида қолган ҳамда эҳтиёж учун алоҳида бошқа бир анжом ёрдамида олиш мумкин бўлган.

Бошқа идишлар ҳам қуш шаклида ясалган ёки уни безашда қуш образидан (шаклидан) фойдаланилган. Халқ орасида турмушда энг кўп ишлатиладиган сопол идишлар шулар жумласидандир. Бундай сопол обдасталарни ясашда ҳам асосий шакл ўрдак образи ҳисобланади. Мағрур турган ўрдак шакли идишнинг чиройли бўлишига ва ишлатишда қулайликни таъминлайди.

Бундан ташқари қуш шаклини бошқа сопол идишларда ҳам кенг қўллаганлар. Масалан, қизларнинг келинлик сепига азалдан қўшиб олиб берилиши лозим бўлган анжом соч ювиш учун маҳсус идиш ҳисобланиб, унинг икки чеккасида қушлар тасвирланиши одат тусига кирган. Бу икки қушнинг рамзий маъноси улар ёш оила (келин ҳамда куёв)ни англатади. Ҳозирги кунда бундай идишлар келинлар сепига қўшиб берилиши деярли учрамайди ва фақат коллекция сифатида ёки халқ амалий санъатининг кўриниши сифатида намоишларга қўйилади.

Қуш қўниб турган шаклдаги шамчироқлар ҳам усталар томонидан тайёрлаб келинган. Улар маҳсус пилиг (пахтадан тайёрланган ип) ёрдамида ёритилган. Шамчироқнинг энг юқори қисмига қуш қўниб турган ҳолда ясалган. Идиш ичига маҳсус ёғ қуйиш мумкин бўлган. Баъзи ҳолларда қушга қараб интилаётган илон кўриниши ҳам ясалган. Буни аҳоли томонидан илонга бўлган ишонч кучли бўлганлигининг яна бир кўриниши сифатида баҳолаш мумкинлигини ахборотчилардан бири алоҳида таъкидлаб ўтди. Илон “бахт қуши” билан ҳам тасвирланиши ҳоллари учраб турган.

Фарғона водийси ҳунармандчилиги аҳолининг ҳайвон культи билан боғлиқ тасаввурий қарашларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилишда учун муҳим объектдир. Уларда қадимий афсоналардан тортиб, эътиқодий қарашларгача муҳрланган. Ҳунармандчиликнинг тараққиётида маълум ўзгаришлар кўзга ташланган бўлсада, ушбу соҳа эгалари чуқур тарихий илдизга эга бўлган орнаментларни сақлаб келмоқдалар.

Қадимий эътиқодий қарашлардаги қўй, қуш, илон каби жониворлар маълум маъбуд ёки маъбуданинг ердаги кўриниши дея баҳоланган. Уларни тасвирлаш орқали диний қарашларда эгаллаб турган ўринларига баҳо бериш мумкин. Табиат кучларидан қўрқиш ҳамда уни асрашга бўлган интилишни ўзида мужассам этган ушбу қарашлар аҳоли томонидан авлоддан авлодга етказиб келинмоқда. Жониворларга нисбатан етказиладиган зарар фақат инсоннинг ўзига етказилган зарар эканлигини одамлар яхши тушунадилар ва шунинг учун ҳам уларга нисбатан ҳурмат ҳамда эҳтиром билан муносабатда бўладилар.

Инсон табиатнинг бир бўлаги эканлиги, ҳайвонот оламини асраб авайлаш зарурлиги қадимдан ҳунармандчилик ва бошқа аҳоли машғулотларида акс этиб келган. Табиатга нисбатан муносабатларнинг анъанавий ҳунармандчиликдаги кўринишларини тадқиқ этиш этнология фанининг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Muallif: Азизов Аҳрорбек Аъзамжонович