E T H N O T R A V E L - U Z B E K I S T O N

ЎРТА АСР ЁЗМА МАНБАЛАРИДА ТАОМ ВА ОВҚАТЛАНИШ ОДОБИ ХАҚИДА

Анотация: мақолада Имом Бухорийнинг Жомеъ ас-саҳиҳ – Ҳадислар тўплами, Имом Ѓаззолий, Ҳусайн Воиз Кошифий асарларига таянган ҳолда асрлар давомида шаклланган таом ва уни истеъмол қилиш билан боѓлиқ одоблар ҳақида маълумотлар берилган. Бу мавзуда аввало Қуръон ва Ҳадислар тўпламига таянилган ҳолда масъаланинг Ҳусайн Воиз Кошифий томонидан таҳлил этилганлиги диққатга сазавордир. Албатта бу асар, шунга яқин масалаларга баѓишланган Кайковуснинг “Қобуснома” асари сингари илмий адабиётлар орасида катта аҳамиятга эга ва халқимизнинг муҳим илмий мероси ҳисобланади.

Калитсўзлар: таомланиш одо–би, инсоният цивилизацияси, диний – ахлоқий адабиётлар, овқатланиш маданияти, ўрта аср ёзма манбалари.

Кириш

Ушбу мақоламизда, ўрта аср ёзма манбаларидан айримларида, таом истемол қилиш маданиятининг инъикос этилиши, VIII - XV асрларда яратилган бу асарларда кўтарилган масалаларнинг диний – ахлоқий адабиётлардаги инъикоси масалалари билан танишамиз. Бугунда ушбу мавзуда кўплаб маълумотлар тарихий манбалар ва хусусан этнография илмида маълум бўлса-да, Ҳадиси Шариф, ва ислом алломалари асарлари, ҳамда Ҳусайн Воиз Кошифий асари ўз фалсафий мазмунининг чуқурлиги билан алоҳида ажралиб туради [Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухори, Б.484-509.; Имом Ѓаззолий, Б.47, 59, 89-90, 96-97.; Ҳусайн Воиз Кошифий, Б.59-61]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг Ҳадис ёки Ал-жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам) китобинин бир фасли “Таомлар китоби” номини олиб, унда 57 боб ислом дини асосчиси. Пайѓамбаримизнинг бу масаладаги одоблари моҳиятини кўрсатишга баѓишланган. Айтиш мумкинки, кейинги барча манбалар учун Имом Бухорий маълумотлари асос бўлиб хизмат қилган[Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухори, Б.484-509].

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний ёки жавонмардлик тариқати” асари еттинчи фасли«Таом ейиш ва сув ичиш одоби ҳақида” деб номлаб, бу масалани албатта диний ва миллий маданият нигоҳи асосида таҳлил қилади ва жуда қимматли илмий маълумотларни беради. Инсоният ҳаёти ва фаъолиятида таом муҳим мақомга эга эканлиги ёзма манбаларда алоҳида қайд қилинади. Жумладан, Ҳусайн Воиз Кошифий таом истеъмол қилиш одоблари ҳақида сўз юритар экан, “…ҳайвон ейиш учун яшайди, одам эса яшаш учун ейди” - дея таъкидлайди [Кошифий, б.59]. Муаллиф бунинг сабабини, муқаддас ислом дини ахлоқи ва инсоният кашф қилган одоб билан боѓлаб, ҳайвонот олами одобдан бехабарлигини қайд этади. Албатта, инсонни бошқа махлуқотлар оламидан ажралишининг асосий сабаби меҳнат бўлибгина қолмай, унинг одоби билан ҳам зич боѓлиқ. Одоб асосида инсоннинг маънавий меҳнати ётади. Ҳусайн Воиз Кошифий таом ейиш ўз тартиб қоидаларига эга эканлигини қайд этиб, бу қоидаларнинг, “…Тўрттаси фарз ва тўрттаси суннат, тўрттаси мустаҳил ва ўнтаси адаб ва тўртта ҳурмат ва тўртта ҳикмат ва еттитаси эҳтиёт қоидалари” - деб, улар умумий сони ўттиз етита эканлигини ёзади [Кошифий, б.59] ва уларнинг ҳар бирини ўзига хос таърифини бериб, диний ва дунёвий илмлар нуқтаи назаридан илмий асослайди. Жумладан, тўрт фарзни асослар экан, аввало ҳалол луқмани қўлга киритиш лозимлиги кўрсатилади. Иккинчи фарз, ҳалол ризқ берувчи зот, яъни Яратганни таниш, учунчи фарз эса, Уга шукр қилиш бўлиб, ҳалол луқмага етказгани учун шукур қилиш назарда тутилган. Охирги фарз, пок таомни ейишдан иборат бўлиб, бу ерда бевосита таомнинг нажосат ёки бошқа нопок бўлган ёки шубҳали бўлиши мумкин бўлган нарсалар билан қоришмасидан гигиеник жиҳатдан ҳам тозза бўлиши ўта муҳим эканлиги фарз сифатида қайд қилинган.

Ҳусайн Воиз Кошифий таом ейиш одобининг кейинги тўртта суннати ҳақида маълумот берар экан, шундай ёзади: “… аввал “Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим” дейиш, иккинчи – таомдан олдин қўлни ювиш, учинчи – таомни ўнг қўл билан ейиш, тўртинчи – таомдан фориѓ бўлгач худога ҳамду сано айтиш” [Кошифий, б.59], яъни таомга екизгани учун шукр қилиш. Шу тарзда, суннат деб таъкидланган қоидаларнинг аввалги ва охиргиси Яратган номини тилга олиш ва уни таомга етказгани ва истемол қилишга имкон берганлиги учун тариф-тавсиф қилиш ва унга ҳамду сано айтишдан иборат бўлса, иккинчи ва учунчи суннат гигиена – яъни тоззалик қоидаларига риоя қилиш, таом истемолида муҳим шартлардан эканлиги кўрсатилади. Имом Ѓаззолий ҳам “...Овқатланиб бўлгач, оѓиз ва қўлларни ювиш суннатдир” – дея таъкидлаган [Ѓаззолий, б.90]. Бугун, баъзи илѓор мамлакатлар аҳолиси орасида, қўлгина эмас, юзни ҳам ювмасдан, уйқу тўшагидан турмай, кофе ва бошқа саҳарлик таомларга қўл уриши расмиятга кирган вақтда, бу муҳим тозалик қоидалари таомланишнинг зарур қоидаларидан эканлигини таъкидланиши беасос эмас. Бу суннат даражасида бўлган қоиданинг тўѓрилигини, “Ковид 2019” - тарқалган пандемия вақтида, қўлни ювавериб энсаси қотган ўша илѓор мамлакатлар аҳолиси ҳам бўйинга олишга мажбур бўлганлари асло тасодифий ҳол эмас. Бу гигиеник қоидалар, динимизнинг муҳим тамоилларидан эканлиги бежиз кўрсатилмаган бўлиб, ушбу қоидалар инсон саломатлигининг энг муҳим шартларидан саналган.

Кейинги қоидалар “тўртта мустаҳил” сўзлари билан ифодаланган бўлиб, бу қандай қоидалар эканлигини шарҳламоқчи бўлсак, аввало “мустаҳил” сўзига шарҳ бермоқ лозим бўлади. Илмий луѓатларда бу сўз “мустаҳиқ” тарзида ҳам келиб, “эътиборга лойиқ, эътибор бермоқ” маъноларида шарҳланади [Ўзбекча –русча луѓат, б.277]. Биринчи ва иккинчи мустаҳил таом ейишни туздан бошлаб, туз билан тугатиш (бу ерда тузли таомлар назарда тутилади), учунчиси, дастархон ёзиб таомланиш ва охиргиси, таом пайти атрофдагиларни ҳам уни истемол этишга таклиф этиш, эътиборга лойиқ маданиятли инсон белгиларидан ҳисобланади. Овқатни дастархон ёзиб истемол қилиш зарурлигига тўхталар экан, Имом Ѓаззолий “...Дастархон ерга ёзилган бўлса, ўнг тизза тик тутилиб, чап оёққа ўтирилади” – дея дастархон бошида ўтириш одобини ҳам кўрсатган [Ѓаззолий, б.89].

Ҳусайн Воиз Кошифий асарида, яна, ўнта таомланиш одоби ҳақида сўз юритилади, унга мувофиқ, аввало чап оёқ билан ўтирмоқ, ўз олдидан таом тотимоқ, учинчидан, бошқаларнинг таом ейишига қарамаслик, тўртинчидан товоқ ё косанинг бир четидан ейиш, кейинги шартлар ҳам оддий, уч бармоқ билан таом ейиш, бармоқларни ялаб туриш, таом тушиб кетса тозалаб истеъмол қилиш, суянмай таомланиш ва таомдан сўнг қўлни ювишдан иборатдир ва шу ўринда қайд қилиш керакки, таомланиш одоби ҳам тозаликка риоя қилиш, яъни гигиена билан чамбарчас боѓлиқлиги кўриниб туради.

Кейинги овқатланишнинг тўрт ҳурмати бўлиб, унга мувофиқ, таом ейиш вақтида бош қашлаш, бурунни артиш ман қилинган, оѓиздан сув оқизмаслик, оѓизда таом бўла туриб, гапирмасликдан иборат ахлоқ қоидаларидан иборатдир [Кошифий, б.59].

Тўрт ҳурматдан сўнг тўрт ҳикмат келади, унга мувофиқ, луқмани катта олмаслик, таомни яхшилаб чайнаш, кўп истеъмол қилмаслик ва тўқ ҳолатда яна таом емасликдан иборат ҳикматлардирки[Кошифий, б.60], бу ҳақда Имом Бухорийнинг Жомеъ ас-саҳиҳ, ҳадислар тўпламида алоҳида боблар мавжуд [Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухори, Б.486-491].

Бу ўттиз қоидалардан сўнг яна етти эҳтиёт чоралари ҳам Ҳусайн Воиз Кошифий қайд этишига кўра мавжуд бўлиб, бирор таомни ёмон таърифламаслик керак (ҳатто яхши пишмаган бўлса ҳам ёмонламаслик), иккинчидан, овқат қаердан келтирилган ва кимники эканлигини билмай туриб таомни истемол этмаслик, ёлѓиз овқатланмаслик. Ўтирганларни овқатланишга чорлаш, мақтаниш, манманлик билан овоза тарқатиш учун берилган овқатни емаслик. Ўѓрилар, киссавурлар, харидорлар ҳақига хиёнат қилувчи дўкондорлар, каззоб даллоллар, порахўрлар дастархонидан нон емаслик, таъзия ошидан парез қилиш, овқатланиш вақтида битта таомни ейиш билан қаноат қилиш. Буларнинг ҳаммаси овқатланишнинг муҳим қоидаларидан бўлиб, унга қай даражада риоя этиш, инсон тарбияланганлик даражасини - маданиятини кўрсатади. Имом Ѓаззолий таомланиш якунлангач, Ихлос сурасини ўқиб, кетидан дуо ўқиса “Аллоҳ ўша кишининг ўтган гуноҳларини афв этади. Ризқи шифога айланиб, барокатланади” – деб қайд этади [Ѓаззолий, б.47, 96].

Таом ейиш қодаларидан ташқари сув ичиш қодалари ҳам мавжуд бўлиб, таом истемолидан сув ичиш талаб ва қоидалари ўзига хос тарзда фарқ қилади. Қизиѓи шундаки, бу қоидаларга риоя қилиш инсониятни турли касалликлардан сақлаши, бугунда тиб илмида ҳам кашф қилинмоқда. “Агар сув ичиш қоидалари нечта, деб сўрасалар, ўн битта деб айт: иккита фарз, олтита суннат, учта адаб” - деб ёзади Ҳусайн Воиз Кошифий [Кошифий, б.60]. Фарз қоидаларига мувофиқ, сувни олтин ёки кумуш идишларда ичмаслик лозим. Бошқа фарз шундан иборатки, сув тоза – ифлосланмаган бўлиши керак. Кейинги олти суннат: сувни аввал уч марта нафас олиб ичиш, сув ичаётганда ҳар сафар идишни оѓиздан олиб туриш, нафасни сувга тегизмаслик ва сувни ўтириб ичиш. Сув ичиш муаллиф фикрича уч адабдан иборат бўлиб, унга мувофиқ катта идиш ва мешдан сув ичмаслик (бу ерда оѓиз билан сув ичмаслик назарда тутилади), агар йиѓин соқийси бўлса, ҳаммадан кейин сув ичиш, агар мажлисда ўтириб сув ичаётган бўлса сувни ўнг томонга қараб узатиш. Сувни бошқаларга бериш – “бир қултум сув ичириш” [Имом Исмоил ал-Бухорий. Б.125] ҳам катта садақалардан саналган. Сувнин ичишни ҳам вақти соати бўлиб, хусусан овқатлангач сув ичиш ҳақида: “Овқатнинг орқасидан кейин дарров сув ичиш соѓлиққа зарар экани маълум” – деб ёзади Имом Ѓаззолий [Ѓаззолий, б.97].

Келтирилган манбалар VIII - XV асрларда яратилган бўлсада, мазмун моҳиятини йўқотмаган, унда ўртага ташланган масалалар, олам бор экан, жамият бор экан, унда бир инсон яшаса ҳам моҳиятини йўқотмагай, албатта. Чунки таомланиш маданияти инсоният цивилизациясининг ажралмас қисми бўлиб, одамзотни инсон сифатида ҳамма бошқа ер юзи маҳлуқотлардан ажратгувчигина эмас, уни мартабасини кўкларга кўтарувчи муҳим белгилардандир.

Адабиёт:

Абу АбдуллоҳМуҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ҳадис. Ал-жомиъ ас-саҳиҳ. (Ишонарли тўплам). 3 китоб. - Т.: Қомуслар бош таҳририяти, 1995. – 559 б.

Имом Ѓаззолий. Эй фарзанд. Аюҳал валад. – Т.:Мовароуннаҳр, 2005. – 127 б.

Имом Исмоил ал-Бухорий. Ал-адаб ал-муфрид (Адаб дурдоналари). – Т.: Ўзбекистон, 1990. – 197 б.

Ҳусайн Воиз Кошифий. Футувватномаи султоний ёхуд жувонмардлик тариқати /Форс-тожик тилидан Н. Комилов таржимаси. – Т.: А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994. – 112 б.

Muallif: Турсунов Бўстон Раҳмонович