Анъанавий каштадўзликда маҳаллий локал жиҳатлар
Ўзбек каштачилигини таҳлил этиш жараёнида ва айниқса, кашталардаги ўзига хос ҳамда этник хусусиятларни ёритишда ижтимоий табақалар, турли ёшларга хос бўлган кийимлар, унга боғлиқ урф-одатлар, турли жинсларга оид кийимларга тикилган кашталар таҳлили ҳам муҳим илмий назарий аҳамият касб этади. Шунинг учун муаммоларнинг ечилиши маълум бир халқ ёки битта этнографик минтақада яшовчи бир неча халқлар этник тарихи, маданий анъаналари ва этномаданий алоқаларини таҳлил этишда ҳам қимматли маълумотлар беради.
Халқимизнинг қадимий ва миллий анъаналари ҳисобланган каштадўзлик буюмларини ўзида мужассамлаштирган Фарғона водийси кашта нақшларини ўзига хослиги, уларнинг этнографик ва фактик материалларга бойлиги билан ажралиб туради. Каштадўзлик буюмлари тикилишига қараб, урф-одатларга кўра, шунингдек, жинсига кўра кийимларга тикилган кашталарга кўра, бош кийимлар кашталари, оёқ кийимлар кашталари, уст кийимлар кашталари, кашта буюмларига ҳам бўлинган. Кашталар тикилган кийимлар, кашта буюмлари ўтган давр мобайнида гарчи юқоридан қараганда, гарчан ўзгармагандек туюлса-да, лекин кашта нақшларида, тикиш учун ишлатиладиган чокларни тикиш усулларида ва уларга ишлатиладиган матоларда жиддий ўзгаришлар бўлди.
Фарғона водийси кашталари умумўзбек кийимлари каби асрлар давомида шаклланиб, ривожланиб келган. Унинг шаклланиш жараёнига халқнинг турмуш тарзи ва ижтимоий шароити, қўшни ва бошқа халқлар ўз таъсирини кўрсатди. Бундай ўзгаришлар Фарғона водийси каштачилигининг умумий кўринишини ( янги нақш элементларининг киритилиши ) ёки унинг турли орнаментлар билан унга ишлатиладиган матоларни ўзгариши миллий каштачиликка ўз таъсирини ўтказди. Бу ўзгаришларни ҳисобга олганда, XX аср бошларида Марказий Осиё халқларида бўлгани сингари Фарғона водийси халқлари каштадўзлигида ҳам умумий жиҳатлар ҳосил бўлди.
Анъанавий халқ каштадўзлигини тарихий-этнологик нуқтаи назардан тадқиқот қилиш шуни кўрсатадики, кашталар тикиш усулларига, ундаги орнаментларнинг ҳолатларига, шаклига, жойлашишига қараб катта ва кичик кашта турларига бўлинди.
Катта кашталарни тикиш умумий тикиш усулларига асосланган ҳолда, уларнинг гуллари бир-биридан турли-туманлиги билан фарқ қилиб туради. Чунки ҳар бир йўрмадўз ёки каштачи ўз таассуротлари, ўз ниятларини акс эттирувчи ўнлаб янги нусхаларни яратади. Энсиз ҳошияли ўртасида бир неча (12 доира) доира розеткали гуллар тикилган палаклар шулар жумласидандир. Фарғона водийси каштачилигида анъанавий кашта гуллари асосан мева ва ўсимликлар гуллари ҳисобланади. Кашта нусхаларининг ой, олма, ноғора гул, ширмон, тўпгул, тўққиз олма, офарин дарахт, олти олма, бодом гул, анор гул, ўн икки ойлик палак каби номларига қараганда, чеварлар уларни ҳар хил талқин қиладилар. Тикилган кашталардаги тасвирларга, кашта гулларига қараб буюм номи белгиланади. Масалан, тўққиз олма, ноғора гул, олма гули, бодом гул, ўн икки ойлик палак ва ҳ. к. лар. Доираларни безашда оддий усул билан биргаликда мураккаб усул ҳам қўлланилади. Оддий доиралар марказий гулсимон розетка атрофида турли ранглардаги доираларни жимжима чок билан бир қаторга тикилишдан иборат. Кашта буюмлардан бири дўппи ҳисобланиб, дўппига тиқиладиган кашталар ҳам бир-биридан ҳудудий жиҳатдан фарқ қилган. Андижон дўппилари, Наманган дўппилари, Чуст дўппилари, Марғилон дўппилари, деб номланади. Бу дўппилар уларга тикилган кашталар тасвирлари билан фарқланади. Андижон дўппиларида тепа қисмига тикилган “қалампир” гул ва кизак қисмидаги “болдоқ” гуллар тасвири, бошқаларникидан қалампир гулнинг уч қисмига болдоқ тасвирининг туширилиши ва кизак қисмини болдоқ гулларини катталиги билан фарқланади. Бу ҳолат кўпроқ эркаклар дўппиларида учрайди. Чуст дўппиларида ва Наманган дўппиларида “қалампир” гулнинг Андижон дўппиларидаги қалампир гуллардан кичикроқ шаклга эга бўлиб, гулнинг узунлиги узунроқ шаклга эга. Бу гулда болдоқ шакли берилмаган. Марғилон дўппиларида “қалампир” гул тасвирлари Андижон, Наманган, Чуст дўппиларидаги “қалампир” гул нусхаларидан ҳам кичикроқ ва унинг шакли узунроқ жойлашган. Бу кашта гуллари фақат шаклан эмас, балки тикиш усулларида ҳам фарқланади. Андижон дўппиларида сув, занжир, ярим занжир, илмоқ, ярим илмоқ, йўрма, қандахаёл чокларидан фойдаланганлар. Наманган ва Марғилон, Чуст дўппиларида “қалампир” гули махсус қоғоз эскизидан фойдаланиб, қоғоз эскиз устидан “йўрма” чокдан фойдаланиб тикилган. Андижон дўппилари эскизсиз тикилади. Дўппи чизадиган чизмакашлар томонидан дўппининг кизак ва тепа қисмларидаги гуллар чизилиб бозорларда сотилган. Дўппи тикувчилар дўппи қисмларини сотиб олиб, дўппини тикиб, маҳаллий бозорларга олиб чиқиб сотишган. Дўппи тикиб тайёрлаш жараёнида ҳам бир қатор ҳудудий хусусиятлар бор. Булар асосан тикиш ва тайёрлаш жараёнларидаги усуллар орқали кўринади. Андижон дўпписини тикиш учун бозордан сотиб олинган дўппи тепа ва кизак қисми алоҳида бир қатор чоклар билан тикиб чиқилади. Бунда сув, илмоқ, занжир, ярим занжир, йўрма, ярим илмоқ чокларидан фойдаланиб тепа қисмидаги қалампир гул ва болдоқ тасвири ҳамда кизак қисмида жойлашган болдоқчалар тиқилади. Дўппининг гулини тикиб ҳам бозорга олиб чиқиб сотилади. Баъзан эса дўппи тайёрловчилар ўзлари ҳам гул тикади. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, дўппи гулини тикилган ҳолда ҳам олиб тайёрлаш мумкин, баъзан барча дўппи тайёрлаш босқичини бутун оила бажариши мумкин бўлган. Тикилган гулли дўппининг тепа ва кизак қисмига астар қирқиб олиниб, дўппининг тепа қисми тўғри чок билан тепчиб чиқилган. Тепчима чок жуда майда бўлиб, чок билан чок ораси 0, 2 -0, 3 мм ташкил қилган. Тепа қисми тепчиб чиқилгандан сўнг ҳар бир тепчима чок оралиғи “пилтакач“ билан пилталаб чиқилади. Бундан кўзланган мақсад эса дўппи тўртта қиррали бўлганлиги учун унинг тўрттала қирраси ҳам тик туришидадир. Андижон дўппиларининг кизак қисми ҳам, тепа қисми ҳам Марғилон, Наманган, Чуст дўппиларининг баландлигидан 4 см баланд бўлади. Андижон дўппиларини пилталаш орқали дўппининг тик ва текис туришини таъминлаш билан бирга кўркам кўриниши учун ҳам аҳамиятга эга. Пилталаб бўлинган дўппининг тепа қисми билан кизак қисми тўғри чок ёрдамида авваллари қўл чоки билан кейинчалик машина чоки билан бирлаштириб, оғир юк ёрдамида ёки прессловчи мослама ёрдамида дўппи теккисланган. Престланган дўппининг ички қисмига қотирувчи елим берилиб дўппи қотирилган. Дўппи елими суркалгандан сўнг токи елим қуримагунча, унга қўл теккизилмаган. Бу ҳолатда шуни айтиш мумкинки, Марғилон, Наманган, Чуст дўппиларида дўппининг тепа қисми тепчима чок билан тепчилмайди, гулини тикишда қоғоз қўйилиб йўрма чок билан тиқилади. Дўппи пилтакач билан пилталанмайди. Фақат елим билан дўппининг тепа қисми ва кизак қисми гул тикиб бўлингандан сўнг астар қирқиб олиниб елимланади ва прессланиб текисланади. Бу ҳолат Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд дўппиларида ўзгача ҳолатда бўлади. Чунки уларда гул тикиш усули Фарғона водийси дўппи тикиш усулларидан фарқ қилади. Чоклари бироз йирик чок билан тикилиб, дўппи елимланмайди. Ироқи усулидаги гилам дўппилар кўпроқ яратилади. Андижонда тайёрланадиган аёллар дўппилари ироқи усулда тикилади. Биз ўрганаётган даврда аёллар дўппиларидан “бахмал” дўппи тикилиб, уларни тикишда “йўрма”,”илмоқ” чокларидан фойдаланилган.
Биз ўрганаётган даврда Наманган вилоятида ҳам кашта тикилган. Наманган вилоятида ўлкашунослик музейида сақланаётган кашталар ичида турклар, тожиклар, ўзбеклар тиккан кашталарни учратиш мумкин. У кашталарнинг асосан девор чойшаб, сандалпўш, тагчойшаб қўшбелбоғ, дўппи каби кашталари мавжуд. Бу кашталар асосан бир вақтда водийда яратилган. Лекин кашта буюмлари номини аташ бошқача бўлган. Масалан, тожиклар каштани сайма, «Дарафша» ёки ишлатилаётган асбоб номи билан «Бегизи», деб атаса, турклар ва ўзбеклар кашта, қиргизлар эса “босма,” “сайма”, деб атаганлар ва ҳозир ҳам шундай атайдилар. Ўзбеклар, турклар ўз кашталарининг номларини тайёрлайдиган буюм номи билан қўшиб, кашта нақшларидаги расм тасвири асосида «Анор гулли зардевор», ” Олма гулли девор чойшаб”, “ Чаён нусха таг чойшаб”, «Гун-гурали қўшқийиқ”, ”Каптар нусха таг чойшаб”, “Чамак нусха қўшқийик”, деб атасалар, тожиклар “офарин”, “анор гули”, “ширмон”, ” тўп гул”, ”дарахт” каби номлар билан кашта номлари атаганлар. Улар тиккан кашта буюмларини таг чойшаб, девор чойшаб, деб атаганлар. XX асрга келиб моҳир эркаклар ҳам, аёллар ҳам кашта тикканлар. Булардан М. Саъдуллаев Н. Машраббоевалар, уларнинг шогирдлари А. Раҳимов ва Я Содиқовлар, кейинчалик эса М. Қориев, С. Юнусов, М. Аҳмедова, К. Бойхоновалар, У. Бобоев ва бошқаларни санаш мумкин. М. Қориев ҳатто кашта тикиш билан бирга кашта нусхаларини ҳам яратган. Наманган каштачилари А. Раҳимовлар, Ё. Содиқовлар қадимги Фарғона каштадўзлиги анъанаси асосида ажойиб кашталар яратганлар. Уларнинг кашталарида ҳам ҳошия, рамка ишлатилиб гулдасталар тикилган. Биз ўрганаётган даврда Фарғона водийси кашталарига йўрма усулининг тикилиши билан бирга секин-аста олди-сотти туфайли босма, илмоқ чоклари билан қўйкўз, крест чоклари ҳам кириб келди. Биз ўрганаётган даврда XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларида каштадўзлик нақшларида Ўрта Осиёда IX асрда қўлланилган кашталар яширин қушлар тасвири, XIII асрда очиқ ҳолатда қушлар тасвири ифодаланди. Ўша даврда араб халифалигининг ҳукмронлиги нақшларга ҳам таъсир кўрсатди. Нақшларда самовий жисмлар билан боғлиқ орнаментлар вужудга келди. Булардан доира, учбурчак, ярим доира, тўртбурчак тасвирлари туширилган. Бу нақш орнаментларини биз ўрганаётган даврда ва ҳозирги кундаги кашта буюмлари нақшларида ҳам кўришимиз мумкин.
Ғиждувон кашталари Бухоро услубидаги кашта кабилари бир-бирига ўхшамайди. Бухороликлар брешм ипакда тикса, ғиждувонликлар каштанинг ипак ипларда бажарадилар. Кашта нақшларда қўчқороқ нақшлар, бутагулли сўзаналар билан водий кашталардан ажралиб туради. Яна бир кашта мактабларидан бири Нурота каштачилик мактабидир. Нуротада тикилган кашталардан баъзи кашта нақшлари Самарқанд ва Сурхондарё кашталарида учратишимиз мумкин. Нурота кашталари гулдасталар билан безатилган. Нурота кашталари гулли мотивларнинг бойлиги ёки ранг- баранглиги билан ажралиб туради.
Сепини тикаётган ёш каштадўз сочиқ, куёв дастурхон, девор чойшаб, ёстиқ жилди, рўмолча каби кашта буюмлари тикади.
Шаҳрисабз сўзаналарининг айрим намуналарида ҳам арабий ёзувли нақшлар учрайди. Бухоро жойпуш ва жойнамозлари четларига Қуръони Карим оятлари, Ҳадису шариф намуналари билан бирга пок тилак, эзгу ниятлар, гўзал шеърий битиклар ёзиб безатилган. Фарғона водийсидаги ёзувли нақшлар кўп учрайдиган кашталарга асосан «девор чойшаб», «таг чойшаб», «жойнамоз», «Қўл сочиқ», «қуш кийик» кабилар киради. Каштачи чеварлар ўзларининг асосий вазифалари бўлган буюмни гўзал тугалланган қиёфадаги мўъжаз санъат асари даражасида яратиш лозимлигини ҳеч качон эсдан чиқармаганлар. Бундай кашта намуналарига «Андижон адабиёт ва санъат» музейида сақланаётган зангори рангли девор чойшабни ҳамда кўк рангли белбоғни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Бу буюмларда икки қатор ҳошия чизиқ чизилиб, бу ҳошия чизиқларни сув чок, деб аталувчи чок билан чокнинг чекка қисмини «гун-гура» чоки билан тикилиб, сўнг унинг ичига араб имлосидаги битиклар битилган.
Майда маиший кашталар. Фарғона водийсида ҳам майда маиший кашталар тикилади. Уларнинг вазифаси уй-рўзғор буюми сифатида фойдаланишга мўлжалланган. Шундай бўлса-да, ҳар бир буюм юксак дид ва такрорланмас санъат билан бажарилган.
Ҳар бир оилада аёлларга кашта тикиш одат бўлиб, қизлар ёшлигидан ўргатилиб борилган. Улар ўзларига буви ва оналаридан чала қолдирилган кашталарни тикиб давом эттириш билан бирга майда ҳажмдаги қўл рўмолча, ойна халта, чой халта, сочиқ, жияк, чойнак таглик, чойнак ёпқи каби буюмлар тикилган. Йирик кашта буюмлари кўп вақт олгани учун кеса каштачилар тиккан.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Фарғона водийси халқларида каштадўзликнинг маҳаллий локал жиҳатлари ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйидагиларни ташкил этади.
Биринчидан, Андижон ва Наманган дўппиларининг таглик материали “қора” ва “тўқ зангори“ матолар бўлса, Марғилон дўппилари “зангори” рангдаги матодан тайёрланади.
Иккинчидан, бу ҳол кашта буюмлари тайёрлашда ҳам ишлатиладиган матоларда ҳам фарқланади. Қўқонда ва Фарғонада тикиладиган кашта буюмлари учун очиқ рангли матолар, пушти, сариқ, қизил, ҳаво ранг, оқ рангли матолар ишлатилган бўлса, Наманганда кашта буюмлари тикишда аралаш матолардан, яъни очиқ рангли матолар ҳамда тўқ рангли матолардан фойдаланилган. Андижонда фақат тўқ рангли матолардан фойдаланилган.
Учинчидан, кашта буюмларини тикишда ишлатиладиган чоклардан хам фойдаланишда ўзининг локал жиҳатлари мавжуд. Қўқон ва Фарғонада кашта тикишда “босма “ ва “йўрма” чокидан кўп фойдаланилади. Наманганда “босма” чок кам қўлланилади, “йўрма” ва “бигизи” чоклардан кўп фойдаланилади. Андижонда кашта тикишда “босма”, “йўрма”, ”илма”, ”занжир”, “ярим занжир”, ”ироқи”, “саноқ” чокларидан кўп фойдаланади.
Тўртинчидан, кашталарга орнаментлар тикишда водий халқларининг ҳудудий хусусиятлари яққол кўринади. Уйғурлар кашта орнаментларида кўпроқ ”аёллар” тасвирлари ва “манзаралар” ифодаланса, чорвадор халқларда “қўчқароқ” ,”қўчқор туёғи”, “учбурчак” ,”доира”, “ҳайвонлар”, “паррандалар” орнаментлари қўлланилади. Ўзбекларда ”мевалар”, “дарахтлар”, ”қушлар” камдан-кам ҳолларда “паррандалар” орнаментлари ишлатилади.
Бешинчидан, кашталарнинг умумий локал жиҳати шуки, водийдаги ўзбек кашталари матода орнаментлар симметрик ва хонавор жойлашади, чорвадор халқларда мато фони камдан-кам ҳолларда кўринади.
Отинчидан, матога тикилаётган орнаментлар қуйидаги турларга бўлиниб, ундан водийда яшовчи барча халқлар фойдаланади. Ўсимлик ёки унинг айрим элементлари акс этган безак турлари. Бунга «Лола», «Тувакдаги гул», «Гулдаста», «Анор», «Олма», «Атиргул», «Олма гул», «Бодом гул», «Узум», «Якка гул» каби безаклардан фойдаланганлар.
Муайян бир ҳайвон ва паррандаларни намоён этган. Бунга «Хўроз», «Булбул», «Кабутар», «Товус», «Тўти», «Қалдирғоч», «Кийик», «Эчки», «Қўчқоршохи» каби ҳайвонлар, паррандалар оқ матоларга чизиб, дераза пардаларини безашда фойдаланганлар.
Само жисмлари акс этган безак турлари: бунда Ой, юлдуз, Ярим Ой, Қуёш тасвирларини белбоғ, бош кийимларини безашда, жойнамоз ва чойшабларини безашда фойдаланганлар.
Muallif: Nasiba Abdullayeva